Get Mystery Box with random crypto!

ТО НАВОИЙ БОР... Биз Навоий боғининг боғбонимиз, Боғбондирмиз | Сирожиддин Саййид шеърлари

ТО НАВОИЙ БОР...

Биз Навоий боғининг боғбонимиз,
Боғбондирмиз, вале меҳмонимиз.

Бул — «Насойим ул муҳаббат» боғидир,
Беш асрким биз бу боғ ҳайронимиз.

Қанча меҳмон ўтди, лек мезбон ўшал,
Барча меҳмон ичра биз нодонимиз.

Мир Низомиддин Алишер, яъниким
Сўз аро осмонимиз, уммонимиз.

Тил — «Хазойин ул маоний»дан келур,
Бошланур шундан адаб карвонимиз.

Паст эрурмиз билмасак ул зотни гар,
Қанча юксалган билан қўрғонимиз.

Не хавотир ичра эл шоирлари,
Гар савол этгай букун султонимиз.

То Навоий бор — муҳаббат дилдадир,
Сўлмагай ҳаргиз кўнгил бўстонимиз.

Шул исмдан юрт аро юз минг умид,
Шул исмдан нурланур давронимиз.

Қадр этайлик нону туздай ҳар сўзин,
То ризо бўлгай улуг мезбонимиз.
СИРОЖИДДИН САЙЙИД